Вашингтонда ўтказилган Ўзбекистон-Америка бизнес-форумида 12 та ҳужжат имзоланди

Фото: miit.uz

Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи арафасида 15 сентябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошқаруви раиси Кэролин Лэмм, АҚШ Эксимбанки президенти Рета Жо Льюис ва АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари Дас Марк Поммершайм сўзга чиқди.

Ўзбекистон томони иқтисодиёт, савдо, саноатни ривожлантириш ва сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича эришилган муҳим ютуқларни тақдим этди. Хусусан, бошқа фактлар қаторида эркин бозор ва соғлом рақобат механизмлари яратилгани, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани ривожлантириш, энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилгани, иқтисодиётда давлат иштирокининг қисқаргани ва кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнлари бошлангани қайд этилди.

Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқлари қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди, дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.