Венгрияда Алишер Навоийга бағишлаб бюст ўрнатилди
Мамлакатимизнинг Будапештдаги элчихонаси кўмагида Венгриянинг Лакителек шаҳрида улуғ мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоийга бағишлаб ўрнатилган бюстнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маданият вазирлиги ахборот хизматига кўра, ушбу бюст Венгрия-Ўзбекистон дипломатик алоқалари тарихида Ўзбекистонга бағишлаб Венгрияда очилган биринчи маданий ёдгорликдир. Ушбу лойиҳа венгриялик ҳайкалтарош Дёрджи Лантос томонидан амалга оширилган.
Бюстнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Aвазхон Тожихонов, мамлакатимизнинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Aзим, Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёсбек Aрабов ва бошқа маданият ҳамда санъат вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Венгрия давлат парламенти спикери ўринбосари Шандор Лежак, Ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг хавфсизлик сиёсати бўйича давлат котиби Питер Старай, Маданият ва инновациялар вазирлигининг маданият масалалари бўйича давлат котиби Магдолна Завогя ҳамда сиёсий, маданий доира вакиллари, олимлар, журналистлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар Алишер Навоий бюсти пойига гулчамбарлар қўйдилар.
Тадбирда шунингдек, Венгриянинг “Шарққа нигоҳ” сиёсати доирасида туркий давлатлар билан алоқалар, хусусан маданий ҳамкорлик ривожланаётгани алоҳида таъкидланиб, Aлишер Навоийга ўрнатилган бюст венгер ва ўзбек халқлари ўртасида минг йиллар давомида маданий кўприк бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Тадбир давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илёс Aрабов бошчилигидаги санъаткорлар жамоаси буюк мутафаккир Aлишер Навоий ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқларни ижро этди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик руҳига мос тарзда дўстона ва самимий муҳитда ўтди.
Шарҳлар