Венгрия билан архив иши соҳасида ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилмоқда
2019 йил 6 ноябрда Термиз шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги билан Венгрия Миллий архиви ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Баённомага мувофиқ хорижий ҳамкор билан архив иши ва иш юритиш соҳасида ишлар ўрнатилган тартибда амалга ошириб келинмоқда. Бу ҳақда «ЎзАрхив» агентлиги матбуот хизмати раҳбари Анваржон Алиев нашримизга маълум қилмоқда.
Хусусан, мазкур Баённома асосида томонларнинг ўзаро ҳужжат алмашиш тизими йўлга қўйилган бўлиб, томонлар архивлари сақловидаги Ўзбекистон ва Венгрия тарихига оид бўлган архив ҳужжатларини аниқлаш ва уларнинг нусхаларини ўрнатилган тартибда ўзаро алмашиш келишилган.
Жумладан, Венгрия Миллий архиви томонидан Ўзбекистонга оид 70 та архив ҳужжатлари нусхалари келтирилган, шу жумладан, хариталар тақдим этилган.
«Шунингдек, Ўзбекистон Миллий архиви томонидан ўзбек ва венгер тарихий алоқаларига оид архив ҳужжатларини аниқлаш ишлари ташкил этилиб, “Туркестанский край в годы Первой мировой войны (1914-1920 гг.)” ва “Перечень архивных документов об исторических взаимоотношениях Узбекистана и Венгрии. По личному фонду № И-1009 “Николай Петрович Остроумов” мавзусида аниқланган архив ҳужжатларининг рўйхати шакллантирилган ҳамда француз тилида аниқланган архив ҳужжатлари Венгрия Миллий архиви экспертлари томонидан таржима қилиниб, Ўзбекистон Миллий архивига тақдим этилган», – дейилади хабарда.
Бу каби ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида 2023 йил 20-21 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари архив хизматлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг 19-йиғилишида ҳамда 9-13 октябрь кунлари Халқаро архивлар кенгаши (ICA) Абу-Даби Конгрессида томонлар ўртасида келгуси режалар муҳокама қилинган.
«Айнан шу мақсадда, томонлар ўртасида 2024 йил 27-29 май кунлари Венгрия Республикаси Будапешт шаҳрига амалга оширилган хизмат сафари доирасида “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Венгрия Миллий архиви ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси (2024-2028 йиллар учун)” 2024 йил 28 майда имзоланди», – дейди Анваржон Алиев.
Мазкур Режага мувофиқ Венгрия архивлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Венгрия иқтисодий, илмий-маданий алоқалар тарихини ўрганиш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:
- Маълумки, XIX аср охир – XX аср бошларида Венгриядан Туркистонга сайёҳ бўлиб келган шарқшунос олимлар томонидан Марказий Осиё тарихига оид маълумотлар йиғилган ва бир қанча асарлар яратилган. Жумладан, “Ўрта Осиё бўйлаб дарвешининг сайёҳати” (1863), “Чиғатой тили лаҳчалари” (1867) ва “Венгер-турк-татар луғати” (1869). Армени Вамбери 1863-1864 йилларда Туркистон ўлкасига ташриф буюрган ва Бухоро, Хива, Самарқанд шаҳарларига оид маълумотларни тўплаган. Ҳозирда Венгрия Академияси қутубхонасининг Шарқ бўлимида А.Вамбери томонидан йиғилган Туркистон тарихига оид араб имлосида ёзилган қадимий ноёб асралар ҳам сақланади. Шунингдек, Венгрия Фанлар академияси архивида унинг шахсий архив ҳужжатлари сақланади.
- Бундан ташқари, Венгрия Академияси қутубхонасининг Шарқ бўлими ва Венгрия Фанлар академияси архивида турк тили, тарихи ва элшунослиги бўйича изланишлар олиб борган XIX аср охир – XX аср бошларида Туркистон ўлкасига ташриф буюрган Георг (Дьёрд) Алмашининг “Ўрта Осиё юрагига сайёҳат” (1900) номли асари ва шахсий архив ҳужжатлари сақланади.
- Венгрия Миллий архивида Ўрта Осиё тарихига оид ноёб хариталар ҳам сақланади.
- Венгрия Миллий архиви ва Будапешт шаҳар архивида Иккинчи жаҳон уруши йилларида Будапешт шаҳрини озод қилишда иштирок этган ўзбек аскарлари ҳамда ҳарбий асирлари ҳақида ҳужжатли маълумотлар сақланади. Шунингдек, мазкур архивларда 1960-1980 йилларда Венгрияда ўтказилган Ўзбек адабиёти ва санъати кунлари тўғрисида ва маданий алоқалар тарихига оид ҳужжатлар ҳам сақланади. Мазкур ҳужжатларни ўрганиш икки давлат тарихини ёритиш билан бирга моддий-маданий бойликларни асраб-авайлаш истикболли ҳамкорлик режаларини белгилашга замин яратади.
- Венгрия Миллий архиви электрон ҳужжатлар платформасини яратиш, ҳужжатларни рақамлаштириш, қайта тиклаш ва сақлаш борасида ҳам етакчи тажрибага эга. Ушбу тажрибани ўрганиш архив ишини такомиллаштиришга замин яратади.
Шарҳлар