Ўзбекистонда Британиянинг Vodafone компанияси билан янги мобил оператор ташкил этилади
Ўзбекистонда Британиянинг “Vodafone” компанияси билан янги мобил оператор ташкил этилади. Бу ҳақда 20 август куни Нукусда ўтказилган президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида “InfinBank” акциядори ҳамда “UzTex Group” тўқимачилик компанияси таъсисчиси Фарҳод Маматжонов маълум қилди, деб ёзади Spot.
Тадбиркор ўз нутқида компания янги соҳага қўл урганини, давлат раҳбарининг рақамлаштириш борасидаги сўзларини қайд этган ҳолда, Британия компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди.
“Яшин тезлигида ишларни амалга ошириш учун бизга яшин тезлигида интернет керак. Биз дунёнинг нуфузли компанияларидан бири — Буюк Британиянинг „Vodafone“ компанияси билан Ўзбекистонда „5G Stand Alone“ (СА) мобил алоқасини ишга тушириш бўйича ишларни бошладик”, — деди Фарҳод Маматжонов.
Маматжонов “Perfectum” уяли алоқа оператори хусусийлаштирилганини, бу жараёнда “5G Stand Alone” мобил оператори бўйича ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Банк ичида ўрганилганда, қуйи бўғинга, хусусий тадбиркорга етиб бориши учун рақамлаштириш, интернет кераклиги маълум бўлган.
“Бунинг учун „Uzcard“ компанияси билан ҳамкорликда шу нарсанинг тагига етиб борганимиздан кейин инқилобий режага қўл урдик — „Vodafone“ компанияси ташкил этилади. Худо хоҳласа, лойиҳа янги йилда [2025] ишга тушади. Инвестициялар ҳажми 250 млн еврони ташкил этади”, — деди у.
Лойиҳада Финляндиянинг “Nokia” компанияси ускуна ва технологияларни етказиб берувчи сифатида иштирок этади.
Маматжоновнинг қайд этишича, бунинг учун “Ўзсаноатқурилишбанк” орқали Финляндия экспорт агентлигидан 100 млн евро миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинган.
Қолган 150 млн евро эса таъсисчилар томонидан жалб қилинади. Бунинг натижасида миллий уяли алоқа операторини ташкил этиш режалаштирилган.
“Ҳозирда компанияларимиз $700 млн инвестиция киритган, бизнинг мақсадимиз — $1 млрд сармоя киритиш. Келгуси йилнинг биринчи чорагида „Vodafone“ компаниясини ташкил этиб, 1000 нафар ходимни иш билан таъминлаймиз”, — дея хулоса қилди тадбиркор.
Маматжонов янги бозорга киришдан олдин “Vodafone” компанияси мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни таҳлил қилганини таъкидлади.
Шарҳлар