Вояга етмаганларнинг интим суратлари интернетга тарқалганида нима қилиш мумкин
Нима юз берди?
Киберхавфсизлик Маркази ходимлари Telegram мессенжерида HELLO TASHKENT, SALAM TASHKENT деб номланган каналлар ва гуруҳларни ташкил этиб, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи интим характердаги фотосурат ва видеоларни жойлаштирган бир гуруҳ шахсларни қўлга олди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг маълумотларига кўра, гуруҳ ва каналларнинг администраторлари эълон қилинган суратларни ўчириш эвазига фуқаролардан пул ундиришган, шунингдек, VIP-каналга обуна бўлиш учун 100 минг сўмдан 500 минг сўмгача пул олган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси “б” банди (Ўта йирик миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан 102 ёки +998 99 117-60-87 телефон рақамларига қўнғироқ қилишлари сўралади, махфийлик кафолатланади.
Агар вояга етмаганларнинг интим фотосуратлари тармоққа чиқиб кетса, нима қилиш мумкин? – Қуйида шу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Телеграм каналида вояга етмаганларнинг интим характердаги фотосуратлари/видеолари эълон қилинганига гувоҳ бўлдим. Қаерга мурожаат қилишим мумкин?
Қонунга кўра, интим характердаги маълумотларни (фото/видео) эгасининг розилигисиз тарқатиш, ахборот эгасининг ёшидан қатъи назар, жиноят ҳисоболанади (Жиноят кодексининг 141-3-моддаси – шахс шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ва инсон ҳаётининг интим томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш). Шахсий хусусиятга эга бўлган маълумотларни тарқатиш факти бўйича жиноят иши фақат жабрланувчининг шикоятига биноан қўзғатилади.
Жабрланувчидан бошқа ким бу ҳақида хабар бериши мумкин?
Фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари, уларнинг фикрича, Республика қонунчилигини бузувчи маълумотлар юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Тақдим этилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра, Агентлик Вазирлар Маҳкамасининг 707-сон қарорига мувофиқ веб-сайт ва/ёки веб-сайт саҳифасининг эгасига ноқонуний контентни ўчириш тўғрисида билдиришнома юборади, ёки ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлган контентни бартараф этиш мақсадида мессенжерлар, ижтимоий тармоқлар администраторларига расмий сўров юборади.
Шикоятларни қаерга юбориш керак?
Агар сиз порнография, шафқатсиз зўравонлик саҳналари, террорчилик ва экстремизм, гендер зўравонлиги ва камситиш гувоҳи бўлган бўлсангиз, бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан яратилган махсус Telegram-бот – @stop_kriminal_bot орқали хабар беришингиз мумкин.
Агар ўзингиз бундай ҳолатнинг қурбони бўлсангиз
Сизнинг розилигингизсиз тарқатилган материални олиб ташлаш талаби билан айнан Telegram маъмурияти билан боғланиш ҳуқуқига эгасиз.
Шарҳлар