Ўзбекистонда волейбол спорт турлари янада оммалаштирилади

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Унга мувофиқ, волейбол спорт турларини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан волейбол спорт турлари билан шуғулланувчи спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, ушбу спорт тури бўйича замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида волейбол, соҳил волейболи ва пара волейбол спорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

волейбол спорт турларини аҳоли ўртасида кенг тартиб қилиш ҳамда энг оммавий спорт турларидан бирига айлантириш;

иқтидорли спортчилар, шу жумладан, спортчи-аёлларни аниқлаш, селекция қилиш ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг барча босқичларини рақамлаштириш;

зарур шароитларга эга профессионал ва олий таълим ташкилотларида волейбол спорт турлари бўйича тўгаракларни ташкил этиш;

волейбол спорт турлари бўйича профессионал тренерлар ва ҳакамларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

волейбол спорт турлари бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, мавжуд моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш.

Мазкур қарор билан:

2024-2026 йилларда волейбол спорт турларини ривожлантириш дастури;

2024-2026 йилларда волейбол спорт турларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.

2025 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда:

олий таълим муассасалари талабалари, профессионал таълим ва умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Volleyball stars» Ўзбекистон кубоги;

вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида уч босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – республика) волейбол спорт турлари бўйича «Янги Ўзбекистон» республика мусобақаси;

умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқувчилари ўртасида уч босқичли Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кубоги;

ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида пара волейбол спорт мусобақалари ўтказиб борилади.

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида волейбол спорт тури бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги кубоги мусобақаларининг финал босқичида ғолиб бўлган таълим муассасаларига уларнинг ҳақиқий эҳтиёжидан келиб чиқиб, зарур спорт жиҳоз ва анжомлари етказиб берилади.

Қарорга мувофиқ, Наманган вилояти Учқўргон тумани олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати Волейбол спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати сифатида қайта ташкил этилади.

Мактаб-интернат фаолияти волейбол спорт турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни саралаб олиш ва уларни терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрлашга йўналтирилади.

Мактаб-интернат 2024/2025 ўқув йилидан фаолиятини бошлайди.

Мактаб-интернатнинг волейбол спорт турлари бўйича ўқувчи- спортчилари сони мактаб-интернатнинг умумий контингенти доирасида Спорт вазирлиги томонидан белгиланади ҳамда мавжуд спорт иншоотлари имкониятларидан келиб чиқиб қўшимча равишда чим устида хоккей, гандбол, эркин кураш каби спорт турлари ҳам ривожлантирилади.

2024/2025 ўқув йилига қадар мактаб-интернатда мазкур бандда кўзда тутилмаган бошқа спорт турлари бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар ушбу мактаб-интернатни тўлиқ тамомлагунга қадар ўқишини давом эттиради.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб волейбол спорт тури бўйича юқори натижаларга эришган 16 нафардан (8 нафар ўғил, 8 нафар қиз) иқтидорли спортчи-ўқувчи Спорт вазирлигининг тавсиясига асосан Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига танловнинг дастлабки ва махсус-профессионал босқичидан муваффақиятли ўтгандан сўнг тест синовларисиз умумий квота доирасида ички ишлар вазири томонидан белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.