Walk Free: дунёда замонавий қуллик қурбонларининг сони 50 миллионга етди
Walk Free халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ)нинг маълумотларига кўра, 2021 йилда замонавий қуллик тузоғига тушганлар сони 50 миллион кишини ташкил этган, бу бир йил аввалги кўрсаткичлардан 10 миллион кишига кўпдир.
Улардан 28 миллиони эксплуатацияга, шу жумладан жинсий ва уй қуллигига жалб қилинган, яна 22 миллион нафари мажбуран турмушга берилган.
Ҳисоботда таъкидланишича, қулликнинг бундай ўсиши Covid-19 пандемияси, узоқ давом этган можаролар, оғир об-ҳаво ва инфляциянинг ўсиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мажбурий меҳнат қурбонларининг ярмидан кўпи ва мажбурий никоҳда бўлганларнинг тўртдан бир қисми ўртадан юқори ёки юқори даромадли мамлакатларда яшайди.
Замонавий қуллик қурбонлари сони энг юқори бўлган ўнта давлат орасида Шимолий Корея, Эритрея, Мавритания, Саудия Арабистони, Туркия, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Афғонистон ва Қувайт бор.
Ҳисоботда, шунингдек, иқлим ўзгариши ҳам бу борадаги инқирозни кучайтираётгани, миллионлаб одамларни кўчишга мажбурлаётгани, бу эса уларни эксплуатация қилиш хавфини ошириши таъкидланган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг тавсиялари меҳнат қонунчилиги ва инспекцияларни такомиллаштириш, давлат томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш, никоҳ ёшини 18 ёшга кўтаришни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда замонавий қуллик даражаси ҳар 1000 кишига 7,4 ни ташкил қилади. Мамлакатнинг бу борадаги заифлик даражаси 100 баллдан 56 баллни ташкил этади, бу ерда балл қанчалик юқори бўлса, заифлик шунчалик юқори ҳисобланади. Давлатнинг бунга жавобан кўрсатадиган реакцияси даражаси эса 100% дан 46% ни ташкил қилади, бу ерда фоиз қанча юқори бўлса, давлат замонавий қулликка қарши курашиш чораларини шунчалик яхши амалга ошираётганини билдиради.
Ҳисоботда Буюк Британия замонавий қулликка қарши энг кўп чора кўраётгани, ундан кейин Нидерландия ва Португалия келишини, Туркманистон ва Россия эса энг кам курашаётгани қайд этилган.
Шарҳлар