Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши муҳокама этилди
ОИИБ билан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар беряпти.
Транспорт вазири Илҳом Махкамов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Пекин шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
«Учрашувда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида банк молиявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама этилди. Хусусан, Бухоро – Мискин – Урганч – Хива темир йўл линиясини электрлаштириш, Бухоро вилояти ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги автомобил йўлини реконструкция қилиш, ҳудудларда жамоат транспортини ривожлантириш (автобуслар сотиб олиш) билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишга банк молиявий ресурсларини жалб этиш юзасидан фикр алмашилди» , – дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш борасидаги муҳим лойиҳа, Осиё ва Европа қитъасини бевосита боғловчи Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилишини амалга оширишда банк билан ҳамкорлик масаласини муҳокама этишди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский бу каби йирик ва ўта муҳим лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик банкнинг биринчи галдаги вазифаси эканлигини айтиб ўтди.
Шарҳлар