Хориждан юк автомашинасини харид қилган фуқаро чув тушди

Масофадан туриб, хориждан юк автотранспорт воситасини харид қилишда ҳамкорларнинг ишончлилиги муҳим ўрин тутади. Бунда хориждаги танимаган-билмаган одамларнинг таклиф ва тавсияси асосида иш тутиш кутилмаган муаммоларни юзага чиқаради, деб ёзмоқда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси матбуот хизмати.

«Исми шартли равишда ўзгартирилган қаҳрамонимиз Бахтиёр муқаддам фойдаланилган юк автотранспорт воситасини харид қилиш истагида хориждаги нотаниш кимсаларга мурожаат қилади, сўралган валютани юборади. Ҳамкорлар эса юк автотранспорт воситасини Ўзбекистонга юборишади. Келишувга биноан транспорт воситаси 2021 йилда ишлаб чиқарилган бўлиши керак эди.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек: юк автотранспорт воситасининг тегишли ёрлиқлари ва махсус идентификацион рақамига ишонилса ростдан ҳам техника 2021 йилда ишлаб чиқарилган», – дейилади хабарда.

Аммо, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ўтказилган божхона кўриги давомида юк автотранспорт воситаси рамасининг бошқа қисмига муқаддам идентификацион рақам туширилгани, кейинчалик бу ёзув ташқи механик таъсир кўмагида ўчириб юборилганига доир шубҳалар туғилди.

«Қаранг-ки, бу шубҳаларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази томонидан ўтказилган экспертиза хулосаси ҳам тасдиқлади. Полировка усулида ўчириб юборилган рақамлар тадқиқот жараёнида қайта тикланганида, ушбу транспорт воситаси ҳужжатларда қайд этилганидек 2021 йилда эмас, аксинча 2017 йилда ишлаб чиқарилгани фош бўлди», – дейилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.