Ўзбекистонда яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартиби жорий этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, республикамизда доимий яшаш жойи ва вақтинча турган жой бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этишга қаратилган.
Маълумки, янги таҳрирдаги Конститутсиянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўтган қисқа даврда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кўп йиллар давомида халқимизни қийнаб келган, эскилик сарқити бўлган прописка тизимини бекор қилиш, бу борада белгиланган турли бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, хусусан, пропискасиз фуқароларни ишга олганлик учун иш берувчининг жавобгарлигини бекор қилиш бўйича муҳим тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.
Фуқароларни доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ички ишлар органлари билан бир қаторда давлат хизматлари марказлари орқали ёки онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилди. Олиш ўта мураккаб бўлган хорижга чиқиш стикери бекор қилиниб, унинг ўрнига биометрик паспорт ва мамлакат ичида эса ID карта жорий қилинди.
Бугунги кунда фуқароларимиз мамлакат ҳудуди бўйлаб эмин-эркин ҳаракатланмоқда, шу жумладан Тошкент шаҳри ва вилоятида турар жой сотиб олиш, ишга жойлашиш, тиббий ва бошқа ижтимоий хизматлардан тўсиқсиз фойдаланмоқда, чет давлатларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз бориб келишмоқда.
Ўз навбатида, фуқароларни доимий яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тизими аҳоли статистикасини юритиш, ҳудудлар инфратузилмасини шакллантириш, пенсия, тиббий таъминот, ижтимоий хизматлар ва давлат хизматлари кўрсатишни режалаштиришда, мавжуд ресурс ва маблағларни тўғри тақсимлашда, аҳоли бандлигини таъминлашда, ҳарбий рўйхат юритишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда амалда бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган Қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартибини жорий этиш, шунингдек, вақтинча турган жой бўйича рўйхатдан ўтиш тартибини такомиллаштирган ҳолда турар жой бўйича хабардор қилиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмайди, бундай амалиётдан воз кечилади, республика бўйича бир хил тартиб амал қилади.
Шарҳлар