Тошкентда яна битта инспектор ҳодими пичоқланди
Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида «участковый» пичоқланганлиги ҳақида хабар тарқалган.
Маълум бўлишича, 14 апрель куни Янгиҳаёт тумани ИИБ ХПБ профилактика инспекторлари бир хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида етиб келишган.
«Хонадон эгаси маст ҳолда хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиб, профилактика инспекторларининг бирига кўкрак қафасига ошхона пичоғи билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган», – дейилади хабарда.
Тан жароҳати олган профилактика инспектори шифохонага олиб борилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105 (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввал ҳам Тошкент туманида профилактика инспектори пичоқлангани ҳақида хабар берган эдик.
Шарҳлар