Терговчи пора билан қўлга тушди

Фото: yuz.uz

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган фуқаро наслли чорвани ривожлантириш мақсадида, Қарши туманида истиқомат қилувчи қариндоши раҳбарлик қилаётган МЧЖ номига 2021 йилнинг март ойида акциядорлик тижорат банкидан 450 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олган.

Лекин имтиёзли кредит мақсадли йўналтирилмагани сабабли, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қарши тумани бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Қарши тумани прокуратурасига юборилган.

Туман прокуратураси терговчиси иш юритувига берилган ушбу жиноят иши доирасида, жорий йилнинг 26 март куни кредит олган шахсга нисбатан қамоққа олиш чораси қўлланилади.

“Терговчи эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, кредит ажратилган МЧЖ раҳбари бўлган аёлга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади ва терговчи сўралган пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида далиллар билан ушланди”, – дейилади хабарда.

Ҳозирда Қарши тумани прокуратураси терговчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.