Ўзбекистонда омбудсманга янги ҳуқуқ берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштириб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқ, Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасига “махсус маъруза” тақдим этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажарилиши юзасидан “муқобил маъруза” тайёрлаши ҳамда тегишли ҳалқаро ташкилотларга тақдим этиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим талаблар (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган) бекор қилинмоқда. Қолаверса, Омбудсман таъсир чораларининг турларига аниқлик киритилган ҳолда, (огоҳлантириш, тақдимнома, илтимоснома ва талабнома) алоҳида бобда, ҳар бир таъсир чораси алоҳида-алоҳида моддада акс эттириляпти.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Шарҳлар