Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилади 

Фото: Google

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган йиғилиши ўтказилди

Унга кўра, 1 июндан бошлаб ёлғиз яшаётган, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида тегишли йўналишдаги нодавлат ташкилотлар орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маблағлари ҳисобидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланмоқда. 

“Давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалардан яна бири банд бўлмаган шахслар, камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари ва ёшларни амалий мономарказ, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш масаласи ўта долзарблиги билан эътиборимизни тортди”, — деган қўмита раиси Мавлуда Хўжаева.

Шунингдек, аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали ишсиз аҳолини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, камбағал оилалар муаммоларини ҳал этиш орқали мамлакатда камбағаллик даражасини камайтириш, ҳудудлар кесимида камбағал аҳолининг балансини шакллантириш бўйича 2024 йилга мўлжалланган ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.