Ўзбекистон ва Тожикистон юк машиналарининг транзит ўтиши учун рухсатномани бекор қилади
Тожикистон ва Ўзбекистон юк машиналарининг транзит ўтиши учун рухсатнома бериш жараёнини бекор қилмоқчи. Бу ҳақда Тожикистон Транспорт вазирлиги маълум қилди. Шундай ҳужжат зарурлиги туфайли чегарани кесиб ўтиш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келаётганди.
Таъкидланишича, бундай келишувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафта Душанбега ташрифи чоғида эришилган, тегишли баённома эса Тожикистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари Азим Иброҳим ва Илҳом Маҳкамов томонидан имзоланган. Ҳужжат иккала давлат томонидан ратификация қилингач, кучга киради.
Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳар йили 1200 дан ортиқ транзит юк ташиш амалга оширилади. Жараённинг соддалаштирилиши натижасида эса етказиб бериш вақти қисқаради, юкларнинг сақланиши яхшиланади, шунингдек, бу чора-тадбир Тожикистоннинг стратегик мақсадларига жавоб беради.
Ҳозир амалда бўлган халқаро автомобил ташувлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга мувофиқ, йўловчиларни ва мамлакатлар ўртасидаги юклар, шу жумладан уларнинг ҳудудлари орқали транзит ташиш учун рухсатнома талаб қилинади.
Шарҳлар