Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Фото: Марказий банк

Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши, умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати ёзмоқда.

“Марказий банк бошқаруви, инфляциянинг янгиланган прогноз коридорининг юқори чегараларига нисбатан ҳам жорий пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланганлигини инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди”, – дейилади хабарда.

Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи озиқ-овқат бозорларидаги нархлар динамикаси импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатди.

Иқтисодиётда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши шароитида хизматлар инфляцияси сўнгги ойлар давомида барқарор ўсиб бормоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.