«Заковат» ўйини аҳоли орасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантирилади

Источник: Общественный фонд поддержки и развития национальных масс-медиа Узбекистана

Ўзбекистон президенти томонидан имзоланган қарорга кўра “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда.

“Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантириш бўйича республика ташкилий қўмитаси ташкил этилади. Интеллектуал ўйинларни нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламлари ўртасида тарғиб қилиш, ушбу ўйинларни оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ва амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, миллий интеллектуал ўйинларни шакллантириш, уларни оммалаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Ташкилий қўмита мажлисларида қабул қилинган қарорлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган баённомалар билан расмийлаштирилади.

Интеллектуал ўйинлар умумий ўрта таълим мактаблари, Президент таълим муассасалари, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари, шунингдек, кўнгилли жамоалар ўртасида тизимли равишда ўтказиб борилади.

Ташкилий қўмита тавсиясига кўра интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор (1-3-ўринлар) бўлган умумий ўрта таълим мактаблари, шу жумладан, Президент таълим муассасалари ўқувчилари белгиланган тартибда – ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасаларига, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари – олий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига, олий таълим муассасалари талабалари – таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.

«Заковат» стипендияси ва ўқитувчиларга устамалар

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендияси таъсис этилади ҳамда ушбу стипендия Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Таълим муассасаларида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга директор жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан бир ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўлаб берилади.

«Заковат» клубига пул маблағларини ажратиш ва Интеллектуальная олимпиада

Мамлакатда интеллектуал ўйинларни янада ривожлантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги орқали Давлат бюджетидан “Заковат” интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилотига  2022 йилда 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Бунда, келгуси йилларда маблағлар “Заковат” интеллектуал клубига асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ажратилади.

Мазкур маблағлар интеллектуал ўйинларни ташкил этиш, савол йўллаган телетомошабинларни моддий рағбатлантириш, экспертлар ва ҳакамларга иш ҳақи тўлаш, “Заковат” интеллектуал клуби аъзолари учун очиқ рўйхатдан ўтиш электрон платформасини яратиш ва уни юритиш ҳамда ғолиб бўлган жамоалар аъзоларини ушбу қарорда белгиланган тартибда рағбатлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга грант ва субсидиялар ажратиш, шунингдек, ушбу ўйинларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

“Заковат” интеллектуал клуби ҳар чорак якуни бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланганлик тўғрисида Молия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлигига ҳисоботлар киритиб боради.

2022 йилдан бошлаб ҳар йили таълим йўналиши, соҳаси, мутахассислигидан қатъи назар республикадаги барча олий таълим муассасаларининг талабалари орасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилиб борилади.

Интеллектуал олимпиадани ташкил қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлар (Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ўзбекистон шашка федерацияси ва бошқалар) имконияти ва салоҳиятидан кенг фойдаланилади.

умумжамоа ҳисобида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган олий таълим муассасасига Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси топширилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.