Самарқандда бола занжирбанд тарзда мошинада сақланган

цепь
Фото: Болалар омбудсмани матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқда мошинанинг орқа ўриндиғида оёғига занжир солинган бола тасвирланган видео тарқалди. Болага нисбатан бундай тарздаги зўравонлик ҳолати Болалар омбудсмани томонидан ўрганилмоқда.

Маълумотарга кўра, 2011 йилда туғилган Ш.Ш. Пахтачи тумани “Қалқон-жасорат харбий спорт мактаби”нинг 6-синфида ўқийди. Ш.Ш. нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. лар мазкур мактаб ўқитувчиси Ш.Х. ни чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани Самарқанд вилояти “Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази”га олиб боришни сўраган.

“15-март куни мактаб ўқитувчиси Ш.Х. вояга етмаган Ш.Ш. ни гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин деган важ билан мошинанинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда болани оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйганлиги аниқланган”, – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Ҳозирда вояга етмаган Ш.Ш. га тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши чоралари кўрилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.