Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди
Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум йўлаги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. Мазкур қарор 10−25 сентябрь кунлари Ар-Риёд (Саудия Арабистони)да бўлиб ўтган ЮНEСКО Жаҳон мероси қўмитасининг 45-сессиясида маъқулланди, дея хабар бермоқда Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармасининг матбуот хизмати, деб ёзади “Газета” нашри.
Қўмита ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш бўйича Халқаро кенгашнинг хулосаларига мувофиқ Бутунжаҳон мероси рўйхатига янги номзодларни кўриб чиқди.
«Зарафшон-Қорақум йўлагининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилиши унинг ўзига хос тарихий-маданий қадриятининг эътирофидир», — деди Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котиби Гаянэ Умерова.
Зарафшон-Қорақум йўлаги уч давлатда жойлашган 31 та объектдан иборат. Улардан 9 таси Тожикистонда, 15 таси Ўзбекистон ҳудудида, қолган 7 таси Туркманистон ҳудудида жойлашган.
Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Дмитрий Воякин қабул қилинган қарор нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё, балки бутун дунё тарихи учун ниҳоятда муҳим эканини таъкидлади.
«Зарафшон-Қорақум йўлаги шунчалик муҳимки, у маданий ва табиий мерос соҳасидаги ягона серияли трансмиллий номинацияга киритилган. У бир нечта давлатларнинг қатор объектларни Жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун биргаликда ишлашни ўз ичига олиши сабабли жуда қимматли лойиҳадир», — деди у.
Лойиҳа ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, комиссия мувофиқлаштирувчи функцияни ҳам бажарган. Номинация Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти, Маданий мерос агентлиги ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари кўмагида тайёрланган.
Шарҳлар