Ўзбекистон Афғонистон билан “Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўл йўналишига хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномани узайтирди
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти шўба корхонаси «Сўғдиёна-Транс» Афғонистон темир йўллари бошқармаси билан “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўли участкасини ўзбекистонлик мутахассислар томонидан таъмирлаш муддатини узайтириш бўйича шартнома имзолади, деб ёзади “Медиазона” “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматига таянган ҳолда.
12 февраль, якшанба куни чегарадош Термиз шаҳрида икки йил муддатга янги шартнома имзоланди. Келишувга кўра, «Сўғдиёна-Транс» Афғонистон шимолидаги мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри Мозори Шарифни Ўзбекистон чегараси билан боғловчи темир йўл линиясига хизмат кўрсатишда давом этади.
Шунингдек, Ўзбекистон томони Толибон темир йўл маъмурияти учун ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш мажбуриятини олди. “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати «Толибон» ҳаракати томонидан темир йўлларни сақлаш харажатлари ва хизматлар учун ҳақ тўлаш тартиби ҳақида маълумот бермаган.
Аввалроқ Афғонистоннинг TOLOnews телеканали толиблар “Ҳайратон-Мозори Шариф” участкасига хизмат кўрсатувчи пудратчини ўзгартиргани ҳақида хабар берган эди. Журналистлар Қозоғистоннинг Mansour Fatih компаниясини темир йўл линияларига янги хизмат кўрсатувчи сифатида кўрсатишмоқда; унинг хизматлари Толибонга ҳар йили «Сўғдиёна-Транс» билан шартномада кўрсатилган 15 миллион доллар ўрнига 4,1 миллион долларга тушиши керак эди. Кейинроқ “Ўзбекистон темир йўллари” бу хабарларни рад этди.
Шарҳлар