Ўзбекистон Афғонистонга 185 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди
19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Афғонистонга 185 тоннадан ортиқ зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган навбатдаги инсонпарварлик юклари Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига етказилди, деб ёзади “Газета” нашри Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Юк таркибидан 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша ўрин олган.
Шу муносабат билан Ҳайратон шаҳридаги Астрас компанияси ҳудудида президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Орипов, Афғонистон иқтисодиёт вазири Дилмуҳаммад Ҳаниф ва бошқа расмийлар иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган афғонистонлик расмийлар Рамазон ойида кўрсатилаётган бу каби амалий ёрдам учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.
Икки давлат расмийлари иштирокида ҳудудларнинг ўзаро савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини ривожлантириш борасида музокаралар ўтказилди.
Шарҳлар