Ўзбекистон Афғонистонга инсонпарварлик юки ортилган 63 вагонни жўнатди
23 декабрь куни Ўзбекистондан Афғонистонга озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда кўмир маҳсулотларидан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради, деб ёзади “Спутник” нашри.
«Поезд Термиз шаҳридаги «Айритом» чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнаб кетди», —дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг хабарида.
Балх вилояти марказида икки мамлакат расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойининг ўрталарида Ўзбекистон ҳукумати афғон халқига озиқ-овқат, дори-даромнлар ва кийим-кечакдан иборат 1,3 минг тонналик инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди.
БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармасининг катта маслаҳатчиси Франк Ремус ҳам Афғонистон аҳолисининг ярми озиқ-овқат етишмовчилиги муаммосига дуч келганини билдирганди. БМТ маълумотларига кўра, 3,5 млн ички афғон қочқинлари совуқ қишни ўтказиш учун шошилинч ёрдамга муҳтож.
Шарҳлар