«Ўзсувтаъминот» Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 7 млн доллар маблағнинг талон-тарож қилингани ҳақидаги хабарни рад этди

Источник: https://water.gov.uz/

Аввалроқ, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев Ховос туманида 126 минг аҳолини сув билан таъминлаш учун Осиё тараққиёт банкидан (ОТБ) олинган $7 млн қарз талон-тарож қилинганини айтганди. Аммо, “Ўзсувтаъминот” АЖ мазкур баёнотни рад этиб, пуллар нимага сарфлангани ҳақида маълумот берди, деб ёзади UzNews нашри.

Маълум бўлишича, 2016 йил 23 августда Сирдарё вилоятининг Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказларини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича шартнома расмийлаштирилган. Халқаро тендер комиссиясининг баённомасига асосан пудратчи сифатида Туркиянинг “Alke Insaat Sanayi ve Ticaret” компанияси ғолиб деб топилган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жами 7 млн 310 минг доллар пул ажратилган. Лойиҳа хабарда айтилаётганидек Осиё тараққиёт банки эмас, балки Жаҳон банки иштирокида амалга оширилган бўлиб, бунда Жаҳон банки томонидан 6 млн 250 минг доллар, Ўзбекистон томонидан эса 1 млн 060 минг доллар ажратилган.

«Ушбу маблағлар талон-тарож қилинмай, пудратчи томонидан лойиҳада кўзда тутилган барча ишлар бажарилган. Хусусан, пудратчи томонидан субпудратчи “Mega-Mebiko” қўшма корхонаси билан биргаликда Сирғали сув иншоотидан Ховос туманининг Оқчангал аҳоли яшаш пунктигача 28 км масофага диаметри 700 мм бўлган шиша толали қувурлар ётқизилиб, қурилиш-монтаж ишлари 2019 йилнинг июнь ойида тугатилди», – дейилади хабарда.

Ташкилотнинг маълум қилишича, ҳозир шишапластик қувурларни полиэтилен қувурларга алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

«Мазкур объект “Ўзсувтаъминот” АЖ балансида эмаслигига қарамасдан, компания ҳудуд аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишларни олиб бормоқда ва пудратчиларга ҳамда қурилиш ташкилотларига қувурлардаги ҳавосўргичларни янгиларига алмаштиришда амалий ёрдам кўрсатмоқда», – дейилади хабарда.

Айни пайтда иш тегишли органлар томонидан тергов қилинмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.