Ўзбекистон Ал-Аҳли касалхонасига берилган авиазарбани қоралади
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторидаги Ал-Аҳли Англикан епископал касалхонасига берилган авиазарба муносабати билан баёнот берди.
«Ғазо секторидаги «Ал–Аҳли» касалхонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз», – дейилади баёнотда.
Вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирган.
Ғазо шаҳридаги Ал-Аҳли баптистлар касалхонасида 17 октябрь оқшомида содир бўлган портлашда юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлган ёки яраланган. Ғазо секторини назорат қилувчи Хамас террорчилик ҳаракати шифохонага қилинган ҳужумда Исроил Мудофаа армиясини (ЦАХАЛ) айбламоқда. Ғазо сектори соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 200 дан 300 гача одам ҳалок бўлган. Кейинроқ 500 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Яна юзлаб одамлар вайроналар остида қолган. Ҳалок бўлганлар ҳақида расмий маълумотлар йўқ. Ғарбий Соҳилдаги Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Ал-Аҳли касалхонасига уюштирилган ҳужум туфайли уч кунлик мотам эълон қилди.
ЦАХАЛ Ғазо секторидаги шифохонага зарба бермаганини айтмоқда. Исроил ҳарбийларига кўра, портлаш “Исломий жиҳод” террорчилари томонидан Ал-Аҳли касалхонаси яқинида муваффақиятсиз ракета учириши туфайли содир бўлган.
ЦАХАЛ матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Исроил томони Фаластин ракетаси учирилаётгани акс этган видеони эълон қилди. Ракета номаълум сабабга кўра 17 октябрь куни соат 18:59да портлаган – худди шу вақтда касалхонага урилган, дейилади видео тавсифида.
Шунингдек, ЦАХАЛ Исроил ҳарбий-ҳаво кучларидан Ғазо секторидаги касалхона ҳудуди зарбадан олдин ва кейин акс этган видеони ҳам эълон қилди. Видеога кўра, ракета бинонинг ўзига эмас, балки шифохона ёнидаги автотураргоҳга келиб тушган.
Шарҳлар