Ўзбекистон Қандаҳор провинциясидаги масжидда содир этилган терактни қоралайди

Фото с сайта bbc.com

Ўзбекистон шу йил 15 октябр куни Қандаҳор вилоятидаги масжидда содир этилган ҳамда кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган навбатдаги террорчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида сўз боради.

«Бундай ғайриинсоний ҳужумлар вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келади ва Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади».

Вазирлик Афғонистон ҳукуматининг мамлакатда бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўриш ҳаракатларини олқишлашини қайд этади.

«Ўзбекистон ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий таъзия изҳор этади, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди».

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистон жанубидаги масжидда содир этилган портлаш натижасида камида 30 киши ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони номаълум.

“Толибон” ҳаракатининг маълумотларига кўра, 32 киши ҳалок бўлган, 68 киши яраланган. Бошқа манбалар 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар беради.

БМТ миссияси Қандаҳор провинциясидаги шиитлар масжидидажума намозо пайтида содир этилган терактни қоралади. “Толибон” ҳаракати раҳбарияти ҳам ушбу ҳодисани кескин қоралади ва уни “йирик жиноят” деб атади. “Толибон” етакчилари жиноятчилар жавобгарликка тортилишини ваъда қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган жума куни террорчи-камикадзенинг  Қундуз шаҳридаги шиитлар масжидига қилган ҳужуми натижасида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, кўпчилик яраланганди. Associated Press агентлигининг қайд этишича, толибларга қарши бундан олдинги терактларни “Ислом давлати” ташкилотининг вакиллари уюштирган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.