Ўзбекистон Ғазо сектори аҳолисига ёрдам бериш учун БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига 1,5 миллион доллар ажратди

Фото: dia.dp.gov.ua

Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Кун тартибига ўтишдан олдин давлат раҳбари ҳозирги кунда бутун дунёда катта ташвиш ва хавотир уйғотаётган масалага тўхталиб ўтди:

«Маълумки, Исроил армияси ва Хамас ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда. Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз. Мен Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилдим. Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», – деди Президент.

Шундан сўнг, йиғилишни давом эттирган Президент ушбу мавзуда яна тўхталиб ўтди.

«Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келади.

Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.

Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз.

Маълумки, биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга.

Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяптилар.

Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга, аввало, ёшларимизга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақираман.

Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур», – деди давлат раҳбари ва кун тартибидаги масалалар муҳокамасига ўтди.

Эслатиб ўтамиз, ХАМАС жангарилари 7 октябр куни Исроилга ҳужум қилишди. Ўшандан бери, Исроил расмийларига кўра, 1400 Исроил аҳолиси ўлдирилган, 200 дан ортиқ одам гаровга олинган. Ҳамаснинг таъкидлашича, Ғазо секторининг деярли уч ҳафталик қасос отишмаларида саккиз мингдан ортиқ Фаластинлик ҳалок бўлган. 27 октябр куни Исроил Мудофаа кучлари Ғазо секторидаги фаолиятини «кенгайтираётганини» эълон қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.