Ўзбекистон ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун 1,5 млн доллар ажратади

Фото: dia.dp.gov.ua

Ўзбекистон президенти Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар беради унинг матбуот хизмати.

«Маълумки, Исроил армияси ва Хамас ҳаракати ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувлар гуманитар инқирозни чуқурлаштирмоқда, тинч, бегуноҳ аҳоли орасида кўп сонли қурбонларга олиб келмоқда. Болалар ва аёллар ҳалок бўлмоқда, одамлар бошпанасидан айрилмоқда, ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Биз Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик изҳор этамиз», – дейилади баёнотда.

«Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз», – деди президент.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, “зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига олиб келади.”.

«Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этишга чақирамиз», – дейилади баёнотда.

«Маълумки, биз яшаётган Марказий Осиё минтақаси турли миллат ва конфессиялар вакилларининг ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечириши бўйича ноёб тажрибага эга. Бу заминда асрлар давомида мусулмон, христиан ва яҳудийлар дўстлик ва ҳамжиҳатликда ёнма-ён яшаб келяптилар. Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизга, аввало, ёшларимизга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақираман”, – деди президент.

“Бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва осойишта ҳаётимизни, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатлигимизни барчамиз биргаликда асрашимиз зарур», – деди давлат раҳбари.

Қайд этамиз, ХАМАС жангарилари 7 октябрь куни Исроилга ҳужум қилди. Ўшандан бери Исроил расмийларига кўра, 1400 нафар исроиллик ўлдирилган, 200 дан ортиқ одам гаровга олинган. ХАМАС ташкилотининг билдиришича, Ғазо секторига қарийб уч ҳафта давом этган жавоб ҳужумларида 8000 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. 27 октябрь куни Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторидаги амалиётларини «кенгайтираётганини» эълон қилди.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.