Ўзбекистон Бош прокуратураси Санкт-Петербургдаги портлашга алоқаси борликда айбланаётган аёлнинг эрини ҳибсга олиш бўйича Россиядан сўров олмаган
Ўзбекистон Бош прокуратураси Россия томонидан Санкт-Петербургдаги қаҳвахонада содир этилган портлашга ва ҳарбий мухбир Максим Фомин (Владлен Татарский)нинг ўлимига алоқадорликда айбланаётган Дарья Трепованинг турмуш ўртоғи Дмитрий Риловни ҳибсга олиш бўйича сўров олмаган. Бу ҳақда идоранинг матбуот хизмати хабар беради.
“Алоҳида таъкидлаш жоизки, Дмитрий Рилов Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтмаган ва шу сабабли мамлакатимизда бўлиши мумкин эмас”, — дейилади хабарда.
Санкт-Петербургда 26 ёшли Дарья Трепова ҳарбий мухбир Владлен Татарскийнинг ўлдирилишига алоқадорликда айбланмоқда. У бир неча кун аввал қаҳвахонада содир этилган портлаш оқибатида ҳалок бўлган. Тергов маълумотларига кўра, бунга Трепова Татарскийга совға қилган портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалча сабаб бўлган. Трепованинг ўзи Тергов қўмитасида ҳайкалчани унга беришганини айтган, аммо у кимлигига аниқлик киритмаган.
Дарья Трепова сўроқ пайтида Фомин билан танишиш, сўнгра аллақайси бир фаолдан унга бюстни бериш топшириғини олганини, кейин муҳаррир бўлиб ишлаш учун Украинага кетишни режалаштирганини айтган, деб ёзади “Фонтанка” Трепованинг кўрсатмаларига таяниб.
“Фонтанка” маълумотларига кўра, Татарский ўлдирилишидан бир мунча вақт олдин (аниқ айтилмаган) Трепова аллақайси бир фаол билан учрашгани (унинг шахсига ҳам аниқлик киритилмаган) ва норозилик митингларида ҳибсга олингани ҳақида гапириб берган. Тез орада унга оммавий ахборот воситаларидан бирида муҳаррир бўлиб ишлаш учун Киевга кўчиб ўтишни таклиф қилишган ва бунинг учун у Россияда «стажировка»дан ўтиши керак бўлган.
Трепова, “Фонтанка”нинг қайд этишича, топшириқлар олишни бошлаган, аммо “Фонтанка” унинг кимлигига аниқлик киритмаган. Даставвал у Москвадаги “Листва” китоб дўконига келиб, Татарский билан танишиши керак бўлган. Кейин Трепова Москвада унга посилкани бериши керак бўлган такси ҳайдовчиси билан учрашиши керак бўлган. Посилка билан бирга, ўз навбатида, ҳарбий мухбир билан учрашиш учун Университетская қирғоғидаги қаҳвахонага келиши керак бўлган.
“Фонтанка”нинг хабарига кўра, Треповага бюстни Татарскийга топшириш буюрилган ва бунинг учун улар Треповани Украинага жўнатишларини ваъда қилиб, 3 апрель куни Россиядан Ўзбекистонга кечки рейсга чипта сотиб олишган. Учрашувга келган Трепова суҳбатдошларига бюстни тақдим этганини ёзган, бироқ ўзи қаҳвахонадан чиқмасдан четда турган.
Шундан сўнг бомба портлаган. Трепова фақат ўша пайтда ҳайкалча портловчи моддалар билан тўлдирилганлигини тушунган. Портлашдан сўнг у такси чақириб, турмуш ўртоғи Дмитрий Риловнинг таниши яшайдиган “Северная долина” турар-жой мажмуасига йўл олган. У ерда эртаси куни эрталаб ҳибсга олинган.
Аввалроқ бир нечта Телеграм-каналлари Дарья Треповани журналист ва Миллий большевиклар партияси Москва бўлимининг Киевда яшовчи собиқ раҳбари Роман Попков ёллагани ҳақида хабар берган эди. Унинг ўзи буни қатъиян рад этади ва ФСБ қизни гувоҳлик беришга мажбур қилган деб ҳисоблайди.
Дарья Трепова терроризм ва портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш моддалари бўйича айбланган, айбланувчи икки ойга ҳибсга олинган.
Ҳарбий мухбир Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши учун жавобгарликни Давлат Думасининг собиқ депутати Илья Пономарёв билан алоқадор Миллий республика армияси ўз зиммасига олди.
Баёнотда “Миллий республика армиясининг Санкт-Петербург колоннаси” вакиллари 2023 йилнинг 2 апрелида бир гуруҳ Z-фаолларга ва шахсан Владлен Татарский номи билан танилган Максим Фоминга қарши акция ташкил қилганликларини ва амалга оширганликларини даъво қилади.
Баёнот муаллифларига кўра, акция тинч аҳолига қарши қаратилмаган ва барча жабрланганлар “ Путин режимининг Украинадаги ҳарбий жиноятларини оқлаётган урушнинг фаол тарафдорлари” сирасига киради.
Қотилликка алоқадорликда айбланаётган петербурглик Дарьа Треповани баёнот муаллифлари «қаҳрамон» деб аташди, чунки “кўп «мухолифатчилар» фейсбукда постлар ёзиб, фонарларини ёқиб ўтирган бир пайтда, у курашган, норозилик намойишларига чиққан ва эркинлигини хавф остига қўйган”
Владлен Татарский ҳалок бўлди, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, портлашда жами 40 киши жароҳатланган.
Шарҳлар