Ўзбекистон делегацияси Банжулда ИҲТга аъзо давлатлар саммитида қатнашмоқда

Фото: ИА "Дунё"

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Гамбия пойтахти Банжулда бўлиб ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида иштирок этмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар беради.

Саммитда барқарор ривожланиш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мулоқот орқали бирлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ИҲТнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ташкилот томонидан мусулмон давлатлари билан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Бундан ташқари, ташкилот цивилизациялар ва маданиятлар ўртасида ўзаро тушуниш ва мулоқот учун имкониятлар яратиш, шунингдек, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг нафақат қўшни республикалар, балки араб-мусулмон давлатлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, жорий йилда Марказий Осиё давлатлари ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ўртасида стратегик мулоқот ҳамда Тошкент халқаро инвестиция форуми муваффақиятли ўтказилди.

Саммитда дунёда барқарор ривожланиш йўлидаги тобора кучайиб бораётган муаммолар, халқаро иқтисодий муносабатларнинг таназзулга учраши, иқлим фалокати кучайиб бораётгани, терроризм таҳдидининг кучайиши ва давом этаётган можаролар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Саммит иштирокчилари Яқин Шарқда узоқ вақтдан бери давом этаётган Фаластин-Исроил можароси хавфли тус олаётганини, уни халқаро ҳуқуқ ва Фаластин халқи ҳуқуқлари асосида ҳал этиш зарурлигини таъкидламоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.