Ўзбекистон енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллади
Тошкент шаҳрида Енгил атлетика бўйича U18 Осиё Чемпионати якунланди. Ёшлар чемпионати 27-апрелдан 30-апрелгача Ўзбекистон Енгил атлетика федерациясининг спорт мажмуасида бўлиб ўтиб, унинг ҳудудида бутун стадионни, шу жумладан, йўлакчаларни, узунликка сакраш учун чуқурликларни ва улоқтириш учун секторларни қайта қуриш бўйича ишлар олиб борилди.
Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон кучли учликни Хитой, Ҳиндистон ва Қозоғистонга бой бериб, тўртинчи ўринни эгаллади ва 12 та медал – 3 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритди. Осиё мамлакатлари ёшлар чемпионатида жами 40 та давлатдан 500 дан ортиқ спортчи иштирок этди.
Чемпионат доирасида 40 турдаги дастурлар бўйича 41 та совринлар тўплами ўйналди. Аҳамиятли фарқ билан биринчи ўринни Хитой терма жамоаси эгаллади – 15 та олтин, 7 та кумуш ва 2 та бронза, Ҳиндистон жамоаси иккинчи ўринда – 6 та олтин, 11 та кумуш ва 7 та бронза ҳамда Қозоғистон 3 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медал билан учинчи ўринни эгаллади.
Ёш спортчилар югуриш, сакраш, улоқтириш, спортча юриш ва кўпкураш каби мусобақаларда ўз кучларини синашди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ёш спортчилар учун бундай даражадаги спорт мусобақаси илк бор ўтказилмоқда.
Шарҳлар