Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган отишмада уч нафар қирғизистонлик ҳалок бўлди

Источник: УзА

Жалолобод вилоятининг Добоқўрғон туманидаги чегарада ўзбек чегарачилари уч қирғизистонликни отган, дея хабар беради Kaktus.media Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Отишма 5 май куни содир бўлган. Ҳалок бўлганлар 48 ёшли эркак ва унинг 22 ва 24 ёшли ўғиллари бўлган. Улар Ола-Буқа туманидаги касалхонага етказилган, бироқ хушларига келмай вафот этган.

Воқеадан сўнг икки давлат чегара хизматлари вакиллари учрашиб, ички текширув ўтказишга келишиб олган.

Ҳодисанинг бошқа тафсилотлари департамент томонидан ошкор этилмаган.

Ўзбекистон давлат миллий хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.

«Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган. Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган», – дейилади хабарда.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича ва Қирғизистоннинг Жалол-обод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди. Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 2022 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223 моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.