Ўзбекистон Исроилни Суриянинг Ғўлон тепаликларини озод қилишга чақирувчи БМТ БА резолюциясини қўллаб-қувватлади

Фото: Зал Генеральной Ассамблеи ООН во время голосования по предложенной Иорданией резолюции по защите мирного населения Газы. Источник: ООН

29 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси Исроилни босиб олинган Ғўлон тепаликларини озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди, деб ёзади “Газета” нашри БМТ матбуот хизматига таянган ҳолда.

Ҳужжат учун 91 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, шунингдек, Россия, Бразилия, Ҳиндистон ҳамда Хитой овоз берди. Саккиз давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Канада бунга қарши чиқди. Яна 62 давлат бетараф қолди.

Резолюция ҳаммуаллифлари Миср, Иордания, Ироқ, БАА, Сурия ва бошқа давлатлар эди.

Ҳужжат саккиз банддан иборат бўлиб, биринчиси, Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йилдаги 497-сонли резолюциясига ҳали ҳам амал қилмагани ҳақидаги баёнот бўлиб, у мамлакатдан Ғўлон тепаликлари устидан Исроил юрисдикциясини ўрнатувчи қонунни бекор қилишни талаб қилади.

Бундан ташқари, резолюцияда «Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ Исроил босиб олган Суриянинг Ғўлон тепаликларидан 1967 йил 4 июнда мавжуд бўлган чизиққа чекиниши» талаб қилинади. Резолюцияда, шунингдек, «Сурия Ғўлонини ишғол қилишнинг давом этиши ва унинг амалда қўшиб олиниши минтақада адолатли, кенг қамровли ва мустаҳкам тинчликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиши» таъкидланади.

Ғўлон тепаликлари 1967 йилгача Сурия ҳудудининг бир қисми бўлиб, олти кунлик уруш пайтида Исроил томонидан босиб олинган ва кейинчалик яҳудий давлати таркибига киритилган. 1981 йилда Исроил парламенти бу ҳудудда яҳудий давлатининг суверенитетини бир томонлама эълон қилган қонунни қабул қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1981 йил 17 декабрдаги 497-резолюцияси аннексияни ҳақиқий эмас деб топди.

1973 йилда Араб-Исроил уруши пайтида Сурия Ғўлон тепаликларини қайтариб олишга ҳаракат қилди, аммо мағлубиятга учради. Исроил ва Сурия қўшинлари ўртасида БМТ кучлари томонидан назорат қилинадиган нейтрал демилитаризация зонаси яратилди.

Сурия ҳозирги қадар Ғўлон тепаликларини ўз ҳудуди деб билади ва уларнинг қайтарилиши Исроил билан тинчлик шартномасини имзолашнинг энг муҳим шартидир.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.