Ўзбекистон элчихонаси: Ҳиндистоннинг Гужарат университетида мамлакатимиздан талабалар йўқ
Ўзбекистон ва Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларида Гужарат университетида таҳсил олаётган хорижлик ёшлар, жумладан, ўзбекистонлик талаба ҳам маҳаллий номаълум гуруҳ аъзолари томонидан ҳужумга учрагани ҳақида маълумотлар тарқалди. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси консуллик бўлими томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилди.
“Дипломатик ваколатхонанинг консуллик реестрига Гужарат университетида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқаролари киритилмаган. Ҳиндистондаги ўзбекистонлик талабалар ҳамжамияти вакиллари ушбу олий ўқув юртида юртдошларимиз борлигини тасдиқламади”, — дейилади хабарда.
Ҳиндистоннинг расмий бўлимлари билан ўтказилган музокаралар чоғида бугунги кунда Гужарат университетида ўзбекистонлик талабалар йўқлиги ҳам аниқланди.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Ҳиндистонда олий маълумот олиш мақсадида ёки бошқа сабабларга кўра узоқ муддат бўлган ватандошларга дипломатик ваколатхона консуллигида рўйхатдан ўтиш зарурлигини эслатиб ўтади.
“Бу турли кутилмаган ва нохуш вазиятларга тушиб қолган фуқароларимизга тез ва самарали консуллик-ҳуқуқий ёрдамини кўрсатиш имкониятини яратади”, дейилади хабарда.
Шарҳлар