Ўзбекистон элчихонаси қўлга олинган ўзбекистонликлар борасида Украина ТИВга нота йўллади
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси Украина Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборди. Бу Украина Қуролли кучлари томонидан ушбу мамлакат ҳудудида жанг қилган икки ўзбекистонлик ушлангани акс этган видеонинг тарқалиши билан боғлиқ.
“Шу муносабат билан биз сизни ушбу видео бўйича тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка ва барча ҳолатлар охиригача аниқланишини кутишингизга чақирамиз, бу ҳақда қўшимча равишда маълум қилинади”, — дейилади элчихона хабарида.
Балаклея остонасида олинган видеода иккала эркак ҳам самарқандлик эканини айтган. Улардан бири Россияда беш йил ишлаб, урушга мажбуран юборилганини айтса, иккинчиси талаба экани, пул эвазига жанговар ҳаракатларда қатнашишга рози бўлганини айтади.
Биринчи одамнинг фамилияси ва исмини йиғлаётган овози туфайли эшитиш қийин. Унинг сўзларига кўра, у қўмондоннинг исмини ҳам, кечаги тунни қаерда ўтказганини ҳам билмайди. У билан бирга машинада беш киши бўлган.
Иккинчи шахс, ўзини Мухриддин Аҳмедов деб таништирган 22 ёшли йигит ҳеч қаерда хизмат қилмаганини айтади. Унинг сўзларига кўра, у “Редут” хусусий ҳарбий компаниясига миномётчи лавозимига қабул қилинган. Аҳмедов қаердан келганини билмаслигини, уни «Камаз»да олиб келишганини қайд этади. У Москвада ўқиганини таъкидлайди.
Шарҳлар