Ўзбекистон кўмагида Афғонистондан қарийб 2000 нафар чет эл фуқароси эвакуация қилинди
Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларининг 1982 нафар фуқароси Афғонистондан эвакуация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар беради.
«Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда».
Вазирлик маълумотларига кўра, “хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда дастлабки тарзда келишилган мамлакатларга жўнатилаётган ҳам чет эл фуқаролари, ҳам Афғонистон фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш бўйича тартибли ишлар йўлга қўйилган”.
«Эвакуация қилинаётган фуқароларга Ўзбекистон ҳудудида қисқа муддатли бўлиб туриш пайтида карантин чораларига қатъий риоя этган ҳолда барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда, шундан сўнг кечиктирилмасдан режалаштирилган манзил-мамлакатига жўнатилмоқда».
Шунингдек, вазирлик “Толибон” ҳаракати вакиллари билан шу кескин кунларда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларининг хавфсизлик кафолатларини олиш бўйича кўп ишлар қилинган.
«“Толибон” раҳбарияти вакиллари билан ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилди».
ТИВ маълумотларига кўра, «уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди».
Шарҳлар