Ўзбекистон минглаб афғон фуқароларини вақтинчалик жойлаштириш учун ҳеч қандай қонуний асослар йўқлигини билдирди
Июль ойи бошида Bloomberg агентлиги Вашингтон Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан Америка ҳарбийларига ёрдам берган 9000 га яқин афғон фуқаросини ўз ҳудудида жойлаштиришини сўрагани ҳақида хабар берганди. Энди афғонлар ғарб кучлари билан ҳамкорлик қилгани учун Толибон ҳаракатининг нишонига айланиши мумкин. Бу ҳақда Reuters агентлиги Kun.uz нашрига таянган ҳолда ёзади.
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев “бу Ўзбекистон учун ўта жиддий ва ҳассос масаладир ва уни бирданига ҳал этиб бўлмаслигини” билдирди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон қочоқлар мақоми тўғрисидаги 1951 йил Конвенциясига ва 1967 йилда қабул қилинган Протоколга қўшилмаган, ундан ташқари, мамлакатимиз қонунчилигида қочоқлар мақомини олиш тартиби ҳам кўзда тутилмаган.
«Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳамда ушбу масаланинг ички ва ташқи омилларини назарга олган ҳолда, АҚШга хайриҳоҳлик билдирган афғон фуқароларига бизнинг заминимизда бошпана беришнинг қонуний ва амалий асослари йўқ», – деди у.
Шунингдек, Эргашев “Толибон” раҳбариятининг яқин кунлардаги баёнотига кўра, хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик қилган афғон фуқароларини авф этиш ва агар улар ўз халқига холисона хизмат қилиш истагини билдиришса, уларга озодлик ваъда қилиниши эълон қилинганини ҳам қайд этди.
Шарҳлар