Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги учувчисиз аппарат Афғонистон ҳаво ҳудудини бузганини рад этди
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳри узра учувчисиз парвоз қиладиган аппаратлар (УПҚА) учаётгани ҳақидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. Тегишли хабар 30 апрель куни вазирликнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди, деб ёзади “Фергана” нашри.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Мозори Шариф узра учувчисиз парвоз қиладиган номаълум аппарат ҳақида хабарлар ва видеолар пайдо бўлган эди. Бунда, дрон Ўзбекистон армиясига тегишли экани эканлиги ҳақида қатъий фикр билдирилганди.
“Бу маълумот ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари қўшни давлатларнинг ҳаво ҳудудини бузмаган”, — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Вазирлик маълумотларига кура, Ўзбекистон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳам қушни давлатлар авиацияси томонидан мамлакат ҳаво ҳудудини бузиш ҳолатларини қайд этмаган.
“Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг учувчисиз, қирувчи ва ҳужумчи самолётлари қатъий белгиланган тартибда жанговар навбатчиликни ўтамоқда”, — дея қайд этилди мудофаа вазирлиги хабарида.
Сўнгги пайтларда Афғонистонда номаълум ҳарбий дронлар тобора кўпроқ пайдо бўлмоқда. Хусусан, уларни Мозори Шарифдан ташқари Қобул, Хост ва Қандаҳор вилоятлари устида ҳам кўришган. Хостда маҳаллий аҳоли 11 апрель куни намойиш ўтказган ва улар маҳаллий хавфсизлик идораларидан учувчисиз парвоз қиладиган аппаратлар пайдо бўлиши билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишни сўрашган.
Шарҳлар