Ўзбекистон бу йил матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилди

Источник: Репортеры без границ

Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузилган 2022 йилги матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилди.

“2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан буён ОАВнинг аҳволи бироз яхшиланди, аммо ҳукуматни танқид қилиш мураккаблигича қолмоқда”, – дея таъкидлайди ташкилот.

Медиа-манзара

“Ўзбекистонда хусусий телевидение тармоғи йўқ. Давлат радиоси расмий ташвиқотни тарқатади, хусусий радиостанциялар эса ёпилишидан қўрқиб, ҳар қандай танқиддан тийилади. Ёзма матбуот давлат манфаатларига хизмат қилади. Фақатгина баъзилари ҳорижда жойлашган 15 га яқин онлайн нашрлар сифатли контентни нашр этади. Улардан бири Москвада жойлашга “Фарғона” ахборот агентлиги, АҚШдаги  “Озодлик” радиосининг ўзбек тилидаги “Озодлик радиоси” хизмати бўлиб, унинг эшиттиришлари блокировка қилинган. Матбуотнинг учдан бир қисми рус тилида нашр этилади ёки узатилади”, — дейилади хабарда.

Сиёсий контекст

“Ҳокимият асосан оммавий ахборот воситаларини, шунингдек, ҳукумат билан яқин алоқада бўлган бир қатор блоггерларни назорат қилади. Толибонга алоқадор исломий ҳаракат ичидан ва қисман сургун қилинган миллатчи гуруҳдан иборат ҳақиқий мухолифат тақиқланган.

Ҳуқуқий чегаралар

“Ҳокимият оммавий ахборот воситаларини репрессияга олиб келадиган қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳозирга қадар амалга оширгани йўқ. Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган. Ўз мустақиллигини сақлаб қолиш учун маҳаллий интернет нашрлар оммавий ахборот воситалари сифатида расмий рўйхатдан ўтишдан қочиб, эълон қилган нарсалари учун жавобгарликка тортилиш ва катта жарималар тўлаш хавфи остида қолади”, дейилади ҳисоботда.

Иқтисодий контекст

Расмийлар иқтисодий босим ўтказишни қўллаб келади ва журналистларни сотиб олишга ҳаракат қилади. Мустақил матбуот ривожига аслида оммавий ахборот воситаларини молиялаштиришни чекловчи қонунлар тўсқинлик қилмоқда, деб ҳисоблайди ташкилот.

Ижтимоий-маданий контекст

“30 миллион аҳолининг 60 фоизи 30 ёшгача. Ёшларнинг бундай кучли иштироки, шунингдек, Интернет қамровининг кенгайиши ижтимоий тармоқлар, хусусан, “Одноклассники”, Facebook ва Telegram нега тез ривожланаётганини тушунтиради. Ушбу платформалардаги баъзи гуруҳлар расмий ОАВ деярли ёритмайдиган коррупция масалалари бўйича маълумот алмашиш имконини беради”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.