Ўзбекистон президенти 1 ноябрдан давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда эски намунадаги “объективка”дан воз кечишни топширди
Ўзбекистонда давлат хизматчиларини ишга қабул қилишда эски маълумотнома-объективкалардан фойдаланишдан воз кечиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Давлат раҳбари давлат органларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлади.
«Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди. Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади», — деди у.
Президент 1 ноябрдан эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтишни топширди. Ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт.
«Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар