Ўзбекистон президенти «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» етакчиларининг иккинчи учрашувида нутқ сўзлади
Ўзбекистон президенти Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида иштирок этди. Томонлар Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилди.
Давлат раҳбари Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экотизимлар барқарорлигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
– Масаланинг ғоят долзарблигини ҳисобга олиб, Европа Иттифоқини шу йил кузда Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд ташаббуси доирасида ўтказиладиган биринчи Халқаро иқлим форумининг ҳам ташкилотчиларидан бири бўлишга чақирамиз, – дея таклиф қилди президент.
Ўзбекистон шериклар Марказий Осиё атроф-муҳитни ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетини ташкил этиш лойиҳасида фаол иштирок этишидан ҳам манфаатдор экани қайд этилди.
Марказий Осиёнинг туризм салоҳиятидан фаол фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбари минтақа учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва уни жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммитида тақдим этишни таклиф қилди.
Ёшлар таълимига сармоя киритишнинг аҳамиятини ҳисобга олиб, президент Евроиттифоқ мамлакатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш ва қўшма таълим дастурларини жорий қилиш таклифини билдирди. Мамлакатимиз етакчиси таълим вазирлари ва университетлар ректорларининг мунтазам учрашувлари қайта тикланиши ҳамда “Европа уфқлари” дастури доирасида Марказий Осиё минтақаси учун илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кенгайтирилиши тарафдори эканини таъкидлади.
Президент хавфсизлик соҳасида янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибер жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегараларни қўриқлаш соҳасида шериклик дастурларини ишлаб чиқиш биргаликдаги ишларнинг энг муҳим йўналиш эканини таъкидлади.
– Шу мақсадда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференциясини ўтказишни таклиф этамиз, – деди давлат раҳбари.
Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бораётганига эътибор қаратиб, Ўзбекистон президенти ҳамкорларни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирди ва шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини тақдим этишга тайёрлигини билдирди. Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун махсус вакилларнинг мунтазам маслаҳатлашувларини давом эттириш таклиф қилинди.
Сўзининг сўнгида давлатимиз раҳбари учрашув якунлари бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.
Шарҳлар