Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Италияда бўлади

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон президенти 7-9 июнь кунлари расмий ташриф билан Италияда бўлади. Олий даражадаги учрашувлар Римда бўлиб ўтади. Шавкат Мирзиёев Италия президенти Сержо Маттарелла ва бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.

Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва устувор йўналишлардаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси бош қароргоҳи Италия пойтахтида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади – Ўзбекистон Президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.