Ўзбекистон президенти тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чораларни эълон қилди

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чораларни эълон қилди. У тадбиркорлар билан жума куни учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун, келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади.

Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъий назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – сўмда ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.

«Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди», – дейди президент.

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг  жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан, миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига, тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги, узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади.

Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди, улар фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя. Шунингдек, бундан буён уларга касса хоналари ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очиш учун Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди.

Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.

Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб қилиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади.

«Ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади», – дея қайд этади президент.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.