Ўзбекистон раҳбари МОда тўлақонли эркин савдо зонасини иложи борича тезроқ яратишни таклиф қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди ва унда қатор таклифларни илгари сурди.

Савдо ва транспорт

Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш таклиф қилинди.

«Шу муносабат билан минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, ўзаро савдо бўйича қонунчиликни уйғунлаштириш ва бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг қаердан олиб келинаётганини сертификатлаш бўйича ягона электрон платформалар яратиш, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилиш зарур», – дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Шавкат Мирзиёев биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тизимли тус бериш учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этди.

Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда, Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларни оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш ҳамда Халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Энергетика ва озиқ-овқат секторлари

Бундан ташқари, электр энергиясини етказиб бериш учун янги магистрал тармоқларни барпо этиш ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишига айланиши лозим. Энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги таъкидланди.

Президент томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги заиф нуқталар кўрсатиб ўтилди. “Бу соҳада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кўмагида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш муҳим. Зеро, мамлакатларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан нафақат минтақанинг ички бозоридаги мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш, балки уларни экспорт қилишдек муҳим имкониятга ҳам эгадир”, – деди у.

– Иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларга қарши курашиш минтақанинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омилига айланмоқда. Шу муносабат билан, келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган халқаро форум ўтказмоқчимиз, – деб, давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатлари делегацияларини ушбу форумга таклиф этди.

Иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлашга амалий ҳисса қўшиш мақсадида Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича минтақавий стратегияни қабул қилиш ташаббуси билдирилди.

Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш ва биргаликда таъсирчан чора-тадбирларни қабул қилиш учун биз экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш таклиф қилинди.

Давлат раҳбари умумий минтақавий контентни шакллантириш учун олимлар ва кенг жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратишни таклиф қилди.

– Ёшларнинг билим ва малакасини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш, уларни етук малакали кадрлар қилиб тайёрлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида шу йўналишдаги халқаро ташкилотлар иштирокида Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этишни таклиф этамиз. Также считаем важным учредить региональные научно-образовательные гранты и стипендии для талантливой молодежи наших стран в честь таких великих центральноазиатских мыслителей, учёных и философов, как Аль-Хорезми, Фараби, Джами, Махтумкули, Чингиз Айтматов, – сказал президент.

Хавфсизлик ва тадбир якунлари

Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Хавфсизлик масалалари бўйича давлатларимизнинг Хавфсизлик кенгашлари котиблари томонидан мувофиқлаштириб бориладиган мунтазам йиғилишларни ўтказиш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланди.

Марказий Осиё мамлакатлари чегараларини ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўйича Давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Фавқулодда вазиятлар юзасидан прогнозлар қилиш, уларнинг олдини олиш, барвақт огоҳлантириш ва уларга биргаликда қарши туриш борасида Минтақавий тизимни шакллантириш ташаббуси илгари сурилди.

Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган энг асосий омиллардан бири Афғонистондаги вазиятдир. Таъкидланганидек, Ўзбекистон бундан буён ҳам афғон халқига зарур ёрдам кўрсатади, шу мақсадда Термиздаги халқаро хабни гуманитар кўмак учун тақдим этади, афғон фуқароларини махсус ташкил этилган таълим марказида ўқитишни давом эттиради.

Трансафғон темир йўлини барпо этиш лойиҳасини илгари суриш билан бирга Афғонистоннинг ички транспорт йўлларини тиклаш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, афғон томони билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Сўзининг якунида президент Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади ҳамда Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди.

Саммитда Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари сўзга чиқди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

Тадбир якунида қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:

– Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнот,

– Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим,

– Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим,

– Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом,

– 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.