Next савдо кўнгилочар маркази ногиронлиги бор кишилар учун 80% га имконли

Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари ва волонтёрлар билан ҳамкорликда Тошкентдаги Next савдо-кўнгилочар маркази имконли эканлиги борасида мониторинг ўтказди. Мажмуа ногиронлиги бор кишилар учун имконлилик бўйича стандартларга 80% мувофиқ келади, шу билан бирга жиддий камчиликлар ҳам бор, дея қайд этади Ногиронлар уюшмасининг раиси Фарҳод Абдураҳмонов.

Мониторинг Савдо-кўнгилочар маркази (СКМ)нинг парковкасидан бошланди, у ерда ногиронлиги бор кишилар учун махсус парковка жойлари белгиланмаганлиги маълум бўлди.

Кейин биз мажмуада жойлашган LATT LIV дўконига йўл олдик. Бу ерда икки томондан тутқичлар йўқ, пандус ердан 3-4 см масофада, бу тўсиқсиз муҳитга тўғри келмайди: пандусга чиқиш учун куч ишлатиш талаб қилинади. Пандуснинг қиялик бурчаги – 8 даража, зарур қиялик бурчаги эса 6 даражадан ошмаслиги лозим. Қоплама тактиль плиткага эга – бу жуда яхши.

Фарҳод Абдураҳмоновнинг қайд этишича, дўконда аравачада юрадиган кишилар ўзлари қўлларини чўзиб олишлари учун маҳсулотлар тахланган стенд бўлиши керак. Бунга жавобан дўкон вакили маҳсулотларни сотувчилар олиб беришини билдирди.

Стендлар орасидаги масофа – қарийб 80 см, бу аравачада юрадиган одамга унчалик эркин бўлмаса ҳам уларнинг орасидан ҳаракатланиш имконини беради.

Next мажмуасининг ўзига кириш учун иккита пандусдан ўтиш керак. Биринчисининг иккала томонида ҳам тутқичи йўқ,пандус қопламаси рельефли бўлиши керак, қиялик бурчаги ҳам қурилиш нормаларига тўғри келмайди – у 8 даражани ташкил қилади (норма – 6 даража). Иккинчи пандусда тутқичлар бир томонида бор, қопламаси ҳам рельефли, аммо қиялик бурчаги катта – у ҳам 8 даражани ташкил қилади.

Мажмуага кириш жойида кўзи ожизлар мажмуанинг иш тартиби билан танишиши ва қаерда қайси дўконлар жойлашганини билиши учун Брайл шрифтида ёзилган ахборот таблоси йўқ.

СКМга кириш жойида металл детектори ўрнатилган, аммо аравачадаги одам у орқали ўта олмайди – бу ҳолда яна бир алоҳида кириш жойи қилиниши керак. Унинг ён томонларида яна иккита кириш-чиқиш жойи борлигини қайд этиш лозим.

Кейин ногиронлар учун ҳожатхонанинг имконли эканлигини текширдик. Бу ерда ҳожатхона жумладан инклюзив эканлигини кўрсатувчи белги бор. Ҳожатхонага борадиган йўлда иккита эшикнинг кенглиги ногиронлар аравачасини ўтишига имкон беради – 84 ва 80 см.Унитаз ёнида тутқичлар бор, туалет қоғози ушлагичи имконли даражада жойлашган. Ногиронлар аравачасида бўлган одам чаноқдан фойдалана олмайди ва қўлларини арта олмайди, чунки чаноқ ва қуритгич керакли даражада эмас (1,2 метр). Таъкидлаш жоизки, ҳатто кичик болалар ҳам, гарчи улар жамиятнинг тўлақонли аъзолари бўлишса ҳам, бундай чаноқлардан катталар ёрдамисиз фойдалана олмайдилар.

Лифтларда Брайл шрифтли тугмалар ва тутқичлар мавжуд. Полдан тугмачагача бўлган масофа 105 сантиметрни ташкил этади, бу ногирон кишининг тугмачани босишига имкон беради. Бу тугма болалар учун ҳам қулай.

Қаватларда тактил плиталар, шунингдек, эшитиш қобилияти чекланган одамлар учун дўконларнинг жойлашуви тўғрисида маълумот тахталари йўқ. Шунингдек, фавқулодда чиқиш жойлари тўғрисида Брайль шрифтида маълумот йўқ. Фавқулодда чиқиш эшигининг кенглиги 80 см, фақат битта эшик очиқ: фавқулодда вазиятда ногиронлар аравачасида ёки таёқчада бўлган одам бинони тарк эта олмаслиги хавфи мавжуд.

Мажмуанинг ҳудуди катта – кўчада ҳам бошқа объектларнинг жойлашуви тўғрисида Брайль ёзувида етарли белгилар, шунингдек, ахборот тахтаси йўқ. Next комплекси вакилининг айтишича, бу чоралар яқин орада амалга оширилади.

“Илмий лаборатория” жойлашган бино ногиронлар аравачасидаги одамлар кира олмайдиган жой бўлиб чиқди. Бу болалар таълими маркази, яъни ногиронлар аравачасидаги болалар ёки ногиронлар аравачасидаги ота -оналар бу ерга ўта олишмайди. Bellstore дўкони бу бинода қулай муҳит бўлган ягона дўкон ҳисобланади.

Кейин биз Ice City мажмуасига йўл олдик. Йўлда шунингдек иккита тик пандусни учратдик. Кейинги пандусда Фарҳод Абдураҳмоновни тўрт қўлда кўтаришга тўғри келди: чунки, пандуснинг ётиқлик бурчаги жуда катта, юзаси қиялама ва тутқичлар йўқ.

Тирда ҳам қулай муҳит йўқ.

Кириш жойида ҳам таклилли плита йўқ, мажмуанинг ўзида эса мавжуд. Таъкидлаш жоизки, тактиль плиткалар узуқ-юлуқ бўлмаслиги керак. Яъни, агар битта объектга мавжуд, лекин бошқасида бўлмаса, бундай муҳитни энди инклюзив деб аташ мумкин эмас.

Комплекснинг муқобил кириш жойи бор экан, бу яхши, чунки металл детектор орқали яна бир бор ўтишнинг иложи бўлмасди.

 

Турникетларда алоҳида кенг кириш йўлаги  бор, у ерда аравачани ҳайдаш мумкин.

Ногиронлар учун ҳожатхоналар эшигининг кенглиги киришга имкон берган бўларди, лекин улар ёпиқ бўлиб чиқди.

Мажмуанинг лифтидаги Брайл ёзувисиз тугмалар масаласи стикерлар ёрдамида тезда ҳал қилинади, – деди Фарҳод Абдураҳмонов.

Аттракционларга кириш йўлаклари кенг, бу ногиронлар аравачасида/қўлтиқтаёқда бўлган одамга/болага аттракционга етиб боришга имкон беради.

Ногиронлар уюшмаси комплекс раҳбариятига қулай муҳит яратиш бўйича тавсиялар юборишни режалаштирмоқда. Шундан сўнг, раҳбариятга тавсияларни амалда қўллаш учун бир ой вақт берилади. Акс ҳолда, Уюшма Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Инспекция ногиронларнинг меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий инфратузилма объектларига тўсиқсиз киришни таъминлаш, шунингдек транспортнинг барча турлари, транспорт коммуникациялари, умумий фойдаланиш алоқа воситаларидан фойдаланиш ва ахборот олиш нуқтаи назаридан ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Дана Опарина

Фотосуратлар муаллифники

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.