Ўзбекистон Россия билан йилига 2,8 млрд кубометр газ сотиб олиш ҳақида келишиб олди
Россия Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб беради. Бу ҳақда UzGasTrade ва «Газпром Экспорт» ўртасида тузилган газ олди-сотди шартномасида айтилган, деб ёзади “Фергана” нашри.
Ҳужжат 16 июнь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер томонидан ишончнома асосида имзоланган.
Шартнома муддати икки йил. Россия газини импорт қилиш жорий йилнинг 1 октябридан бошланади, Ўзбекистон кунига 9 миллион кубометр газ олади.
Энергетика вазирлиги шартнома тўлиқ тижорат шартлари асосида ишлаб чиқилганини таъкидламоқда.
«Бу республикамизда истеъмолчиларнинг йил сайин ортиб бораётган табиий газга бўлган талабини қисман қондириш ва куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир», — дейилади вазирлик хабарида.
Россия газининг нархи аниқлик киритилмаган. Энергетика вазирлиги фақатгина минтақадаги бозор нархлари, Ўзбекистонда газ нархи ва республика ҳокимият органларининг бозор тамойиллари асосида нархларни белгилаш тартибини ислоҳ қилиш режалари асосида келишилганини таъкидлайди.
Вазирликка кўра, «йўл харитаси»да Ўзбекистон газ узатиш тизимини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича ишлар кўзда тутилган. Сентябрь ойига қадар учта газ насос агрегатини алмаштириш, 11 турдаги газ насос қурилмаларини тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш, 22 километр янги магистрал газ қувурларини қуриш, 56 километр газ қувурларини таъмирлаш режалаштирилган.
Шарҳлар