Ўзбекистон Россия томонидан Украина ҳудудларининг аннексия қилинишини қораловчи БМТ резолюцияси бўйича овоз беришда бетараф қолди
Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон БМТ Бош Ассамблеясида тўртта Украина вилоятининг Россияга қўшиб олинишини қораловчи резолюция учун овоз беришда бетараф қолди. Овоз бериш натижалари ташкилот твиттерида эълон қилинди, деб ёзади “Медиазона”.
Ўз навбатида, Туркманистон вакиллари овоз беришда қатнашмади.
Натижада “Украинанинг ҳудудий яхлитлиги: БМТ Устави тамойилларига риоя қилиш” резолюцияси 143 та мамлакат ёқлаб, бештаси қарши чиқиб, 35 таси бетараф ҳолда овоз бериб қабул қилинди.
“Бош Ассамблея Россия Федерацияси томонидан Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги ҳудудларда ноқонуний референдумлар ташкил этилишини ҳамда Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларини юқоридаги референдумлардан сўнг ноқонуний аннекция қилишга уринишларини қоралайди”, дейилади резолюцияда.
Резолюция ҳаммуаллифларининг фикрича, ушбу ҳудудларни ноқонуний равишда қўшиб олишга уриниш ҳеч қандай юридик кучга эга эмас ва Украинанинг ушбу вилоятлари мақомини ўзгартириш учун асос бўла олмайди.
Ҳужжат, шунингдек, барча давлатларни Украинанинг Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларининг Россия таркибига қўшилишини тан олмасликка чақиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Москвадан 2022 йил 21 февраль ва 29 сентябрдаги Украинанинг тўртта вилояти мақоми тўғрисидаги қарорларини бекор қилишни, шунингдек, Украина ҳудудидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида қуролли кучларни олиб чиқишни талаб қилди.
21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин Украинанинг босиб олинган шу номли вилоятларида эълон қилинган Луганск ва Донецк халқ республикаларининг мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолаганди. 24 февраль куни Россия Украинага ҳарбий босқин бошлади. Путин урушни “махсус ҳарбий операция” деб атади.
23-27 сентябрь кунлари Украинанинг босиб олинган Донецк, Запорожье, Луганск ва Херсон вилоятларида вилоятларни Россия таркибига қўшиш бўйича референдумлар ўтказилди. 30 сентябрь куни Путин ушбу тўртта ҳудудни аннексия қилиш тўғрисидаги фармонларни имзолади.
Шарҳлар