Ўзбекистон ва Эрон ўртасида соддалаштирилган виза режими жорий этилди

Источник: unsplash.com

13 октябрдан Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари ўртасидаги ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлар учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга кирди.

Мазкур битим Эрон президентининг 14−16 сентябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ департаменти маълумотига кўра, мазкур ҳужжат 11 моддадан иборат бўлиб, унинг кучга кириши «икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, туризм, фан ва илмий фаолият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш»га хизмат қилади.

Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қуйидаги визаларни тақдим этади:

  • бир томон давлатининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи ишбилармон доиралари вакиллари учун амал қилиш муддати 6 (олти) ойгача бўлган кўп марталик кириш визаси;
  • бир томон давлатининг фан ва илмий фаолиятни амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи илмий доиралар вакиллари учун 1 (бир) ойгача амал қиладиган виза;
  • бир томон давлатининг турист сифатида, туристлар гуруҳлари таркибида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи фуқаролари учун 30 (ўттиз) кунгача бўлган туристик виза;

Алоҳида ҳолларда, агар қўшимча кўриб чиқиш талаб этилса, виза бериш муддати 10 (ўн) кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.