Ўзбекистон Солиқ тизимига янги йўналишлар қўшилади

Президент Узбекистана
Фото: president.uz

Ўтган йили айрим давлат корхоналари томонидан дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушум таъминланмаган. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарёда бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмаган. Бу ҳақда 16 январь куни 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борди.

«Бундай ҳолатлар ҳудудий солиқ бўлими бошлиқлари ва ўринбосарлари, маҳалладаги солиқчиларнинг иши сустлигини кўрсатади. Шу боис бу тизим қайта кўриб чиқилиб, янги йўналишлар белгиланди», – дейилади хабарда.

Вазифаларнинг берилиши

Биринчи йўналиш – 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси туманлардан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Туманлараро бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Иккинчи йўналиш – Қўмитада солиқ қарзини ундириш бўйича ҳам туманлараро инспекция ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини маҳаллабай ишлашга ўтказиш имкони бўлади.

Учинчи йўналиш – республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади. Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига солиқлар тушумини ўз вақтида таъминлаш, корхоналар харажати асоссиз ўсишининг олдини олиш бўйича вазифалар қўйилди.

Божхона соҳасига тўхталинар экан, ўтган йили импорт бўлган товарларга салкам 60 триллион сўмлик имтиёз қўллангани, лекин уларнинг самарадорлиги бўйича етарли таҳлил йўқлиги қайд этилди. Шу боис имтиёз билан кирган товарларни бирма-бир ўрганиб чиқишга кўрсатма берилди.

Ерларни хусусийлаштириш

Бюджет тушуми учун яна катта захиралар бу – хусусийлаштириш ва ерларни аукцион орқали сотишдир. Лекин хусусийлаштириш дастурига киритилган 484 та давлат активи савдога чиқарилмай турибди. Масалан, савдога қўйилган ўнлаб дон корхоналари сотилмасдан турибди. Негаки уларнинг баҳосини белгилашда камчиликлар бор.

Вазирлар Маҳкамасига бу борадаги қолоқликларни бартараф этиб, жорий йилда 20 триллион сўм тушумни таъминлайдиган янги хусусийлаштириш дастурини тайёрлаш топширилди.

Ўтган йили ерларни аукцион орқали сотишдан 1 триллион сўм тушум бўлган, 12 мингта янги лойиҳа қўшилган. Бундай имкониятларни кенгайтириш мақсадида йил якунига қадар 70 та, келгуси йили барча туманларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ юқори рейтингга тадбиркорлар учун солиқ текширувлари бекор қилиниши ҳақида маълум бўлганди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.