«Ўзбекистон темир йўллари» АЖни холдингга айлантириш режалаштирилмоқда
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятини холдингга айлантириб, замонавий бошқарувни жорий қилиш, инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда президент раҳбарлигида темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум бўлди.
Давлат раҳбари бухгалтерияни шаффоф қилиб, корхоналарга давлат кафолатисиз инвестициялар ва хорижий экспертларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Соҳада хусусий сектор учун жозибадор тарифлар шакллантирилиши, тадбиркорларнинг вагон сотиб олиши учун кредитлар ажратилиши белгиланди. Шунингдек, марказий вокзаллар атрофида замонавий савдо мажмуалари қуриш мумкин бўлади, вокзаллардаги жойлар ижара учун аукционга чиқарилади. Темир йўл станциялари атрофида бўш жойлар аниқланиб, логистика хизматлари ва ишлаб чиқариш лойиҳалари жойлаштирилади.
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “ягона дарча” тамойили орқали юк ҳужжатларини электрон расмийлаштириш, вагонларга GPS ўрнатиш ва онлайн омбор ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
“Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларини қайта кўриб чиқиш, уларни сотишдан тушган маблағлар темир йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.
Поездларнинг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу боис юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракати камайишига, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.
Транспорт прокурорига барча темир йўл кесишмаларини тартибга олиб, фуқаролар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.
Давлат раҳбари соҳадаги ислоҳотлар орқали аҳоли ва тадбиркорларни рози қиладиган тизим яратиш зарурлигини таъкидлади.
Шарҳлар