Ўзбекистон ТИВ вазири: мамлакатнинг КХШТда ўз иштирокини тиклаш режалари йўқ
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг КХШТда ўз иштирокини тиклаш режалари йўқлигини, чунки у ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун салоҳиятга эга эканини билдирди. Ташқи сиёсий идора раҳбари ушбу позицияни “Правда Востока” газетасига берган интервьюсида баён этди.
«Биз Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, жумладан, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатимиз ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тўғрисида бир неча бор баёнот берганмиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимиз ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга екани ҳам амалий жиҳатдан ўта муҳимдир. Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли бормоқда, миллий армиянинг ҳарбий-техникавий базаси мустаҳкамланмоқда», — дейди Абдулазиз Комилов.
ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, дипломатия самарадорлиги кам бўлмаган ва ҳатто кўпгина ҳолатларда хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда лозим даражада таъсирчан восита ҳисобланади.
«Превентив дипломатия усуллари ўтган даврда ўзининг фойдали эканини кўп бор тасдиқлаган, ҳозирги пайтда ҳам амалий кучини, жумладан, Афғонистондаги янги вазиятга ёндашувларда тасдиқламоқда. Бу ерда гап фақат икки томонлама дипломатия ҳақида бораётгани йўқ. Халқаро миқёсда кўп томонлама даражада миллий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга қаратилган сиёсий-дипломатик механизмларнинг бутун бошли тизими яратилган ва у доимий равишда ривожланмоқда», — дея қайд этади вазир.
А.Комилов фаол ва очиқ сиёсат натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ва жаҳондаги йирик давлатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатганини қўшимча қилади.
«Минтақадаги ҳамкорликнинг барча қирралари юзасидан шерик давлатлар билан ўрнатилган мунтазам мулоқот минтақавий барқарорлик мустаҳкамланишига кўмаклашмоқда, хавфсизликка жиддий таҳдидларнинг олдини олиш учун шароит яратмоқда. Буларнинг барчаси хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларга изчиллик билан қарши туриш бўйича масалаларни самарали муҳокама қилиш ва ўз вақтида ҳал этиш имконини беради», — дея хулоса қилади у.
Шарҳлар